Фитна қилиш энг ёмон иллат

Динимизда инсоф-диёнат, ўзаро тотувлик, жамиятдаги бирдамлик ва меҳр-муҳаббат каби хислатлар қадрланади. Чунки тинчлик-тотувлик ва ўзаро ҳамжиҳатлик бўлган жамият ривожланади, гуллаб-яшнайди. Одамлар орасида фитна ва ихтилоф чиқариш, бир-бирига қарши гиж-гижлаш, уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилиш қаттиқ қораланади.

Тинчликни фаровонлик ва тараққиётнинг бош мезони деб билган ҳар қандай давлат жамиятда фитна оралашига қаршилик қилади, бунга йўл қўймайди, фитначилар билан ҳеч қачон муросага бормайди. Инсоният тарихининг илк кунлариданоқ ҳолат шу. Душман қаерни эгалламоқчи бўлса, қайси заминнинг бойликларини таламоқчи, халқини қул қилмоқчи бўлса, албатта ўша ерда фитна уруғини экишга ҳаракат қилган, маҳаллий фитначиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган.

Бунга тарихдан мисол келтирсак! Мадина шаҳрида яшаган Авс ва Хазраж қабилалари доим бир-бири билан адоват қиларди. Ислом келганидан кейин улар дўст-биродар бўлиб яшай бошладилар. Уларнинг бу дўстлигини кўра олмаганлар уларга қизғин жанг бўлган “Буос” кунини эслатди. Ўша кунги жанглар, қаҳрамонликлардан бошланган гап, низога айланиб, охири икки қабила ўзаро жанг қилишмоқчи бўлишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бу воқеанинг хабари етгач, асҳоблари ҳамроҳлигида улар ёнига чиқиб бордилар. Тўпланиб туришган жойга етиб боргач:

“Эй мусулмонлар жамоаси! Аллоҳдан қўрқсангиз бўлмайдими?! Мен ҳали орангизда бўла туриб сизлар жоҳилият чақириқларига чорлайсизми?! Аллоҳ сизларни Исломга ҳидоятлаб қўйганидан ва у билан сизларни мукаррам қилганидан, у сабабли сизлардан барча жоҳилият ишларини узиб ташлаганидан, у сабабли сизларни куфрдан қутқариб, дилларингизни бир-бирига ошно қилганидан сўнг-а?!”, дедилар. Шундагина қавм ўзларига келиб, душман макрига алданиб қолганликларини англаб етдилар, иккала қабила аъзолари қучоқлашиб, бир-бирларидан кечирим сўрадилар (“Ас-Сийратун набавия” китобидан).

“Фитна” сўзи араб тилидан олинган бўлиб, луғатда “синаш”, “имтиҳон қилиш”, “оловда тоблаш” маъноларини билдиради.

Қуръони карим ва ҳадиси шарифларда эса “фитна” сўзи бир неча маъноларда келган. Масалан, “синов, имтиҳон”, “ҳақ йўлдан тўсиш”, “оловда азоблаш”, “ширк, куфр келтириш”, “ботилни ҳақ қилиб кўрсатиш”, “залолатга кетказиш”, “одамларни қатл қилиш ва асир олиш”, “одамлар ўртасидаги келишмовчилик” маъноларини учратиш мумкин.

Балиқчи тумани «Қақирчек» жоме масжиди имом-хатиби Акромов Ойбек домла