Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш

Аллоҳ таолодан ҳаё қилиш деганда – банда Аллоҳ таоло қайтарган ишларни қилишдан, буюрганларини бажаришда сусткашликка йўл қўйишдан ҳаё қилиши тушунилади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар бир банданинг жон томиридан кўра яқинроқдир. Унинг барча ҳатти-ҳаракатидан бохабардир. Бу ҳақида Ўзининг Каломида шундай дейди:

“Инсонни (Биз) яратганмиз, унинг нафси васваса қиладиган (кўнглидан ўтадиган) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга бўйин томиридан ҳам яқинроқдирмиз” (Қоф сураси, 16-оят).

Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ “Шарҳи Арбаин” китобида: “Ҳақиқий ҳаё – банда биринчи бўлиб Аллоҳдан чинакам уялишидир”, – деганлар ва бунга далил сифатида қуйидаги ҳадисни келтирганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга қарата:

“Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар”,  дедилар. Саҳобалар “Эй Аллоҳнинг Расули, биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамдулиллоҳ дейишди. “Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш, бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингиздир. Ўлимни ва (қабрда) чиришни эсламоғингиздир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур”, – дедилар” (Имом Термизий ривоятлари).

Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканлигини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари бажарилар экан.

Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласидан озуқалар ва фарж (аврат аъзо) назарда тутилмоқда. Демак озуқани ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш билан Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.

Ўлимини эсламаган, қабрда чиришини эсламаган кимса ҳеч нарсадан ҳаё қилмаслиги шу ҳадисдан маълум бўлмоқда.

Аллоҳ таолодан ҳаё қилган киши жамоат жойларида ҳам, ёлғиз қолганда ҳам ўзини бир хил тутади, ўзгармайди. Одамлар кўз ўнгида қилмаган гуноҳни Парвардигоридан қўрққани учун танҳолигида ҳам содир этмайди. Агар кишида Аллоҳдан ҳаё қилиш одати бўлмаса – бу унинг бу дунёда ҳам охиратда ҳам шармандалигига сабаб бўлади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ҳадиси шарифларидан бирида: “Умматимдан шундай кишиларни биламанки, улар Қиёмат куни Туҳома тоғича келадиган оппоқ хайрли амалларни олиб келадилар. Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантиради”, – дедилар. Саҳобалардан Савбон разияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, уларни бизга очиқ-ойдин сифатлаб беринг. Токи, биз ҳам ўзимиз билмаган ҳолда улардек бўлиб қолмайлик”, – дедилар. Шунда У Зот: “Улар сизнинг биродарларингиз ва сизнинг ўхшашларингиздир. Худди сизлар тунлари (таҳажжуд намозини адо этиб) насибаланганингиз каби улар ҳам (ибодатдан) насибаларини оладилар. Аммо улар холи қолганларида Аллоҳ ҳаром қилган ишларни қилишдан тап тортмайдилар”, – деб жавоб берганлар” (Имом Ибн Можа ривоятлари).

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби