Қайнона-келин муносабатлари

Афсуслар бўлсинки, ҳозирда кўпгина оилаларнинг ажрашишига сабаб оиланинг бошлиғи эркак киши ўзини бир четга олган бўлиб, натижада аёллар ҳамма ишда “хўжайин” бўлиб қолишган. Ҳали оила борасида тажрибага эга бўлмаган ёш келинга панду насиҳат қилиб, уни йўлга солиш ўрнига арзимаган мол-мулкни баҳона қилиб, келинга тоқатидан ортиқ вазифалар юклаб, зулм қилиб охир оқибат ажралиб кетишига сабаб бўлаёт қайноналар билсинларки, қиёмат кунида қилган зулмлари ўзларининг бошларига зулмат бўлиб келади. Бу тоифадаги кишиларга нисбатан Оиша онамиздан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

“Қиёмат кунида Аллоҳ таолонинг наздида энг ёмон даражадаги инсон одамлар унинг ёмонлигидан сақланиш учун ташлаб кетилган кимсадир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

не орзу ҳаваслар билан оила қурган келин қайнонанинг жабру ситамига чидай олмай уйдан кетишга мажбур бўлмоқда. Ҳатто баъзилари бу ғавғоларни кўтара олмай ўз жонига қасд қилишгача бораётган ҳолатлар учрамоқда.

 Инсоннинг энг яхши фазилатларидан бири унинг кечира олиш хислатидир. Шундай экан, муҳтарама қайноналар ёш келинларидан ўтган камчилик ва хатоларни кечира билишлари ҳам олийжаноблик саналиб, ёшларни тўғри йўлга тушишига сабаб бўлади. Оилада қайноналар ёши улуғ, тажрибали бўлганлари учун ёшларга имкон бериши, билмаганларини ўргатиши, бағрикенглик қилишлари даркор. Айни пайтда келинлар ҳам хатоларини тан олиб, қайноналардан узр сўрашлари уларнинг фақат ҳурматлари ортишига олиб келади.

Шу ўринда ҳар икки томонга тегишли бўлган бир ҳадиси шарифни айтиб ўтиш ўринли бўлади.

 Ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Кичикларимизга раҳм қилмаган, катталаримизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармаган киши биздан эмас” (Имом Термизий ривояти).

Кечиримли бўлиш динимизда мақталган сифатлардан ҳисобланади. Ўзгани кечириш нафсга ёқмаса ҳам, бу катта можароларнинг олдини олади, келгусидаги хотиржамликни таъминлайди.

Оила ҳаёти ҳеч қачон бир текис фақат шоду хуррамлик, бахт-саодатдан иборат бўлмайди. Баъзида қайноналар фарзандларининг бахтли бўлиши йўлида ўзларининг баъзи ҳойи-ҳавасларидан воз кечишларига ҳам тўғри келади. Қачонки, эр-хотин биргалашиб оила тотувлиги йўлида курашсагина қийинчиликларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлигига эришади

Исомитдинов Элбек Балиқчи туман “Иброхим ота” жоме масжиди имом-хатиби