Жохиллик кулфат

Жоҳилликдан маърифат сари интилиш бу динимиз кўрсатмасидир. Қуръони каримда ҳам мусулмонлар барча нарсанинг ҳақиқатини билиш учун доимо илм пайида бўлишга чақирилади:

«…“Роббим, илмимни зиёда қилгин”, дегин» (Тоҳа сураси, 114-оят).

Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди» (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Бошқа бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

«Ким илм талабида йўлга чиқса, токи қайтиб кeлгунича Аллоҳ йўлидадир» (Имом Термизий ривояти).

Шунинг учун ҳам кўпчилик уламоларимиз пок ният ва ихлос билан илм излаш ва илм йўлида ҳаракат қилиш динимиздаги нафл ибодатлардан афзал эканини таъкидлаганлар.

Абдуллоҳ Ибн Муборак айтадилар: “Илм ўрганмасдан туриб улуғликка интилган кишига ҳайронман”.

Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганчалик бошқа ҳеч кимга ачинмаганман: Илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига ҳамда илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.

Имом Шофиъий (роҳматуллоҳи алайҳи): “Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган”, деганлар.

Эргашев Жўрабек Балиқчи туман “Мулла Хидирали” жоме масжиди имом-хатиби