Тиланчилик фақат уч кишига мумкин

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бирортангиз арқонини олиб, тоғу-тошдан бир боғ ўтин териб келиб, уни сотиб, шунинг пули билан кифояланиши одамлардан тиланиб, улар унга ё бериб, ёки бермаганларидан кўра яхшироқдир”, деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).

Инсонлар ризқ топиш ва касб қилиш борасида бир неча тоифага бўлинадилар. Масалан, бир тоифа инсонлар ризқ топиш учун касб қилиш ўрнига одамлардан тиланиб кун кўришни, тиланчиликни ўзлари учун тирикчилик манбаига айлантириб олганлар. Динимиз тиланчилик қилишдан қайтарган бўлиб, бу борада юқоридаги ҳадис ворид бўлган. Бошқа бир ҳадисда айтилишича, ансорийлардан бир киши Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига тиланчилик қилиб келади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ундан: “Уйингда бирор нарсанг борми?” деб сўрадилар. У: Ҳа, остимизга солиб ўтирадиган бўйра ва сув ичадиган хумчамиз бор, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уларни олиб кел”, дедилар. Олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларни қўлларига олиб: “Бу иккисини ким сотиб олади?”, деб сўрадилар. Бир киши: Мен бир дирҳамга оламан, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир дирҳамдан кўпроқ беради?”, деб икки-уч марта такрорладилар. Бошқа бир киши: Мен икки дирҳамга сотиб оламан, деди. Расулуллоҳ икки дирҳамга сотиб, пулни ансорийга бердилар ва: “Бир дирҳамига оилангга таом сотиб ол, иккинчисига эса, болта сотиб олиб олдимга келгин”, дедилар. Болтани сотиб олиб келгач, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга ёғочдан соп ясаб бердилар ва: “Энди бориб ўтин териб сотгин ва ўн беш кун меннинг кўзимга кўринма”, дедилар. Ўн беш кун ўтин териб, сотиб ўн дирҳам даромад қилди. Унга кийим-кечак ва таом сотиб олди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Мана бу ишинг қиёмат куни юзингда тиланчиликнинг асаридан доғ пайдо бўлишидан кўра яхшироқдир. Тиланчилик фақат уч кишига мумкин: ўта қашшоқ кишига, ночор қарздор кишига ва зиммасида товон тўлаш мажбурияти бўлган кишига” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби