Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир

Оила инсоннинг дунёвий саодатини таъминловчи қўрғондир. Оилада доимо тинчлик ва тотувлик давом этиши учун эр ва хотин, қайнона ва келин ўзларининг вазифа ва бурчларини тўлиқ адо этиб боришлари лозим. Зеро, оила фақат эр-хотиндангина иборат эмас, уларнинг ота-оналари ва фарзандлари ҳам шу оиланинг аъзолари саналади. Шунга биноан, шариатимизда қайнота ва қайнона куёв ёки келинга нисбатан қандай мақомда туриши ҳам баён этилган.

Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 23-оятида никоҳи ҳаром бўлган 13 тоифа аёлларни санаб ўтган. Шулар ичида мавзумизга тегишли 2 тоифа бор. Улар

“(Сизларга (никоҳи) ҳаром қилинган (аёл)лар – бу), …қайноналарингиз,    

 … ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари…” дир.

Демак, қайнота келинга ўз отасидек абадий маҳрам, қайнона куёвга ўз онасидек абадий маҳрам саналади.

Қайнота ва қайнона куёвга ҳам, келинга ҳам ота-она ўрнида бўлади ва уларнинг ҳурматини жойига қўйиш ҳамда розилигини олиш вожибдир. Улар менинг ота-онам эмас, уларни розилигини олишим шарт эмас, дейиш жоҳиллик ва илмсизликдир. Эркак кишига энг ҳақли зот унинг онасидир. Аёл кишига эса энг ҳақли зот унинг эридир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:

Оиша онамиздан ривоят қилинади: “Мен: “Эй, Расулуллоҳ! Аёл кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим.  У зот: “Унинг эри”, –дедилар. Мен: “Эркак  кишининг зиммасида ҳаққи энг кўп бўлган киши ким?”, – дедим. У зот: “Онаси”, – дедилар” (Имом Ҳоким “Мустадрак” китобида ривоят қилган).

 Рисоладаги эркак ҳаёти давомида доим икки аёл: онаси ва жуфтига моддий ва маънавий таъминот ҳамда ғамхўрлик қилади. Улар ўртасида адолат ўрнатган ҳолда ҳаёт кечиради.  Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади:

“Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб – Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар)дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир…” (Нисо сураси, 34-оят).

Бу оят билан Аллоҳ таоло эркакнинг оиладаги ўрнини белгилаб берди.

Шундан келиб чиқиб, оила раҳбари бўлмиш эркаклар, бўлажак қайноналар бўлмиш жуфтларига келинга қандай муомала қилиш, келажакда келин бўладиган қизларига қайнона билан қандай муомала қилиш кераклигини ўргатиб боришлари керак. Бу ишни фақат аёлларга юклаб қўйиш тўғри эмас. Чунки юқоридаги оятда эркаклар аёлларни ҳимоя қилиши, ғамхўрлик қилиши ва уларга одоб бериши маъноси бордир.

Келинлар қайноналарини ўз онасидек яхши кўриб ҳурмат қилиши, уларни ғанимат билиб, дуоларини олишга ҳаракат қилиши керак. Бу эрнинг ҳам розилигига сабаб бўлади. Эрнинг розилиги эса жаннат йўлидир. Баъзи хонадонларда келинга худди хизматкор-қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб туради. Баъзи хонадонларда эса аксинча, келинлар йўқ жойдан муаммо чиқариб, катта-катта талаблар қўйиб, эрнинг топганига қаноат қилмай, эри билан қайнонанинг орасига совуқчилик тушишига сабаб бўлмоқда.

Арипов Турсинали Балиқчи туман “Мирзабошичек” масжиди мутаваллиси