Неъматлар ҳақида гапириш – шукрдир. Уни гапирмаслик эса –ношукурликдир

Аллоҳ таоло инсонни мукаррам қилиб яратиб, унга сон-саноқсиз неъматлар ва туганмас яхшиликларни ато қилди. Бу неъмат ва яхшиликлари билан инсонни бошқа яратилганлардан афзал қилди. Агар бандалар шукр қилсалар, уларга неъматларини зиёда қилишини ваъда қилди ва итоат қилсалар бу неъматлар давомийлиги ва боқийлигининг кафолатини берди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилди:

“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!” (Бақара сураси, 172-оят).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шукр ҳақида шундай деганлар:

“Ким озига шукр қилмаса, кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга ташаккур айтмаса, улардан миннатдор бўлмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Неъматлар ҳақида гапириш  шукрдир. Уни гапирмаслик эса ношукурликдир. Жамоат билан юриш  раҳматдир.  Ёлғизлик эса – азобдир”– дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 

Шукрнинг фазилатларидан яна бири шуки, инсон шукр қилса, ризқи яна зиёдалашади. Бу ҳақда ҳазрати Али разияллоҳу анҳу шундай деганлар:

“Неъмат шукрга, шукр эса зиёдаликка боғлангандир. Модомики банда шукр қилишда давом этар экан, Аллоҳ таоло ҳам зиёда қилишда бардавом бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам барча гўзал амалларни ўзларида мужассам этган зот эдилар. Шукр қилишда ҳам У Зотга етадиган бирор бир киши топилмаслигига шубҳа йўқ. Сабаби, Аллоҳ таолога дуолари ижобат бўладиган киши бўла туриб, Аллоҳ таолодан кўп мол-дунё беришини сўрамаган эдилар. Балки, Аллоҳ берган ризққа қаноат қилиб яшаганлар. Очликдан қоринларига тош боғлаб юрганларини биламиз. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай ҳолатда шукр қилган бўлсалар, ҳозирги тўкинлик-фаровонлик даврида биз фақат шукримизни зиёда қилишга эътибор қаратишимиз лозим бўлади.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби