Кечиримли бўлиш

Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: «Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир«” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).

Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.

Маълумки, Уҳуд жангида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синиб, юзлари қонга беланди, бу ҳолат асҳобларига жуда оғир ботди. Ҳатто айримлари: “Уларни дуойи бад қилсангиз-чи?” дейишгача борди. Шунда У Зот:

“Мени Аллоҳ таоло лаънатловчи ва таъна қилувчи қилиб юбормади, балки яхшиликка чақирувчи ва оламларга раҳмат қилиб юборган. Эй Аллоҳ! Уларни тўғри йўлга бошла, албатта улар билмайдилар”, – дедилар (Имом Байҳақий ривояти).

Афсуски, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.

Ушбу ўринда яна бир нарсага эътибор қилиш зарур. Ҳар қандай зулм ёки тажовузкорлик Аллоҳ белгилаган чегаралардан ошмаслиги керак. Акс ҳолда ўч олинади. Бу ҳақда Оиша разияллоҳу анҳо онамиз шундай деганлар:

“Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг ҳадларидан бирор ҳад оёқости қилинмагунча, Ўзлари учун ҳеч қачон ўч олмасдилар. Агар Аллоҳнинг ҳадларидан бирор нарса оёқости бўлса, инсонларнинг энг ғазаблисига айланар эдилар” (Имом Бухорий ривоятлари).

Яқубов Шерали Балиқчи туман “Мирзақосимхожи” жоме масжиди имом-хатиби