Хасад имон кушандаси

Жамиятимизда мўмин-мусулмонлар амал қиладиган турли хил яхши хислатлар билан бирга зарарли хулқлар ҳам мавжуд. Мусулмон инсон доимо мақталган хислатларни қўлга киритиб, ёмон хислат ва одатлардан нафсини поклашига тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Ҳақиқатан, уни (нафсни) поклаган киши нажот топур. ва у (нафс)ни (гуноҳлар билан) кўмиб, хорлаган кимса эса (Аллоҳнинг раҳматидан) ноумид бўлур!” (Шамс сураси, 9-10 оятдар).

Шундай нафс иллатларидан бири – ҳасаддир. “Ҳасад” луғатда “бирор нарсани терисини шилмоқ ёки қирмоқ” деган маънони билдиради. Унинг истилоҳий маъноси ҳақида аллома Муновий шундай дейдилар:

“Ҳасад – неъматга лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир” (“Ат-Тавқиф ала муҳимматит-таориф” 139-бет).

Энг биринчи гуноҳ ҳам Иблис томонидан Одам алайҳиссаломга кибр ва ҳасад қилишидан келиб чиқди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“(Аллоҳ) айтди: “Сенга буюрганимда сажда қилишингга нима монелик қилди?” У деди: “Мен ундан яхшиман, мени оловдан яратгансан. Уни (Одамни эса) лойдан яратдинг” (Аъроф сураси, 12-оят).

Ибн Атия раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳ таолога биринчи қилинган гуноҳ –ҳасаддир. У Иблисдан содир бўлган эди”, – деганлар.

Қатода разияллоҳу анҳу ушбу оят тафсирида: “Аллоҳни душмани бўлган Иблис Одам алайҳиссаломга Аллоҳ таоло берган иззат-ҳурматига хасад қилди ва “Мен оловдан, у эса лойдан яратилган”, – дея кибрланди”, – дейдилар.

Уламоларимиздан бирлари бу хақда: “Албатта ҳасад қилувчи Иблисга ўхшайди. Чунки у мусулмонлардан Аллоҳнинг неъматларини кетиши, улар орасида фасод кўпайиши каби Шайтонга маҳбуб бўлган ишларни талабида бўлади”, — деганлар.

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби