Аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлиш

Динимиз ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам бундай марҳамат қилганлар:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман”, (Имом Термизий ривояти).

Албатта, ҳар тўкисда бир айб деганларидек, инсон зоти айбу нуқсонлардан ҳоли эмас. Шундай экан, эркакларга ўз аёлларининг айбларини беркитиб, оиланинг бардавом ва бахтиёр бўлишини кўзда тутган ҳолда уларга вақти-вақти билан панду насиҳат қилиб туришлари лозим бўлади.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қиладилар:

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳеч бир мўмин ҳеч қайси мўмина аёлини ёмон кўрмасин. Агар унинг ҳулқ атворидан бирини ёқтирмаса, бошқа ҳулқини ёқтириши мумкин” (Имом Муслим ривояти).

Иккинчиси, Аёлига эътиборли  бўлиш.

Эркаклар ўз хотинига нисбатан ҳар томонлама эътиборли бўлишлари зарур. Ўз аёлига бепарволик оилада катта муаммолар чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Одатда эридан меҳр ва эътибор кўрмаган аёлда эрига нисбатан ҳурматсизлик ва итоатсизлик ҳисси туғилади. Ибн аббос розияллоҳу анҳу бу ҳақда шундай деганлар:

«Мен учун хотиним қанчалик зийнатланиб юришини хоҳлаганимдек, мен ҳам у учун шундай зийнатланишни яхши кўраман» деганлар (Имом Байҳақий ва Ибн Абу Шайба ривояти).

Демак, аёлидан меҳр ва итоат кутган ҳар бир эр ўз хотинига ҳам меҳрли ва эътиборли бўлиши лозим.

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби