Жаннатга биринчи кирувчи тоифа

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонларнинг фақирлари бойларидан ярим кун аввал жаннатга киради. У эса беш юз йилга тенгдир», дедилар.

Имом Термизий ривоятлари.
Бу ҳадис ҳасан, саҳиҳдир.

Бу ҳадисда Аллоҳнинг розилигини топган тақводор фақирлар кўзда тутилган. Уларнинг кўнгиллари синиқ бўлади. Улар Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилган бўладилар.

Мулоҳаза қиладиган бўлсак, фақир ва мискинларга ваъда қилинаётган мартабалар уларнинг айнан фақир мискин бўлганликлари учун эмас, балки фақир мискинликка сабр қилиб, тақводор бўлиб ва амали солиҳларни қилиб юрганлари учундир. Албатта, мискин фақирлик уларга кўпгина кўнгли синиқлик ва машаққатлар келишига сабаб бўлган. Бу ҳадиси шарифдаги маънолар эса уларни сабрга, қаноатга ва ибодатга чорлайди. Шу билан бирга уларнинг кўнгилларини кўтаради. Албатта, бунда қасддан фақир бўлишга уриниш лозимдир деган маъно келиб чиқмайди. Зотан Исломий таомулга кўра шукр қилувчи бой сабр қилувчи мискиндан афзалдир.

Хамидов Рустамжон Балиқчи туман “Оққўрғон” жоме масжиди имом-хатиби