Закотни адо қилиш фазилати

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Агар мол-давлатинг закотини адо қилган бўлсанг, Бас, у мол-давлатингни ёмонлигини ўзингдан кетказибсан», дедилар.

«Ҳоким ривояти»

(Аллоҳ Таоло барча нисоби етган мусулмонларга закотни фарз қилди. Закот сўзи покламоқ, ўсмоқ маъноларини англатади. Ким закотга қодир бўлиб мол-давлатининг закотини берса, батаҳқиқ, у кимса мол-давлатини мискинлар, муҳтожлар ҳаққидан поклапти. Ким Аллоҳ фарз қилган закотни Унинг ризоси учун адо этса, у кимсанинг мол-давлати яна ҳам кўпаяди, яна ҳам ўсади, яна ҳам барака киради.

Аллоҳ фарз этган закотни адо этмаган кимса, бас мол-давлатидаги мискинларни, эҳтиёжмандларни ҳаққини бермапти. Фақир кимсаларни ҳаққи аралашиб кетган мол-дунёда яхшилик йўқдир. Унда фақат хусрон ва ёмонлик бордир.)

Акромов Ойбек Балиқчи туман “Қақирчек” жоме масжиди имом-хатиби