Закот молни сақловчидир

Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз. Касалларингизни садақа (бериш) билан даволангиз ва турли бало-офатларга дуони ҳозирлангиз” (Имом Абу Довуд ривояти).

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Қачон молингизни закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Закот зиммасига фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.

Шайтон закот берувчи кишига гўё молини қирқдан бирини берса, моли озайиб кетгандек туйилтириши мумкин. Бироқ молни фақирга бериш билан мол ҳаргиз камаймайди. Балки эгаси ўйламаган томонидан Аллоҳ таоло молини зиёда қилади. Бунга қўйидаги ҳадис яққол далил ҳисобланади:

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:

Мол-мулк садақа қилиш билан зинҳор камаймайди” (Имом Термизий ривояти).

Закотда закот берувчига ҳам, олувчига ҳам, улар яшаб турган жамиятга ҳам кўплаб дунёвий ва ухровий фойдалар бор. Шунингдек, у туфайли мулкдор тарафнинг қалби покланиб, руҳий томондан ўсиб бориши юзага келади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга волий қилиб юбораётганларида  шундай деганлар:

“Уларга билдиринки, Аллоҳ таоло зиммаларига закотни фарз қилгандир. Закотни у ернинг бойларидан олиниб, камбағалларига берилур!” (Имом Бухорий ривояти).

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

“Қиёмат куни йўқсиллар сабабли бойларнинг ҳолига вой бўлади! Камбағаллар шундай дейдилар: “Парвардигоро! Бой кишилар Сен бизга ажратиб берган ҳақларимизни бермасдан бизга зулм қилдилар”. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Иззатим ва жалолим ҳаққи, сизни ўзимга яқинлаштираман, уларни эса узоқлаштираман” (Имом Табароний ривояти).

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Аллоҳ таоло ўз бандасига жон ва мол неъматини бергандир. Бадан ибодатлари жон –неъматининг шукридир, молиявий ибодатлар эса – мол неъматининг шукридир”.

Закот бериши вожиб бўлган киши ўз вақтида закотини чиқариб бермаса, моли ҳалокатга учраши ҳақида Оиша разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар:

“Қачон бир молга (фақирларнинг ҳаққи бўлмиш) закот аралашса, албатта, молнинг баракасини кетказади” (Имом Бухорий ривояти).

Демак, закот бериш – қолган молнинг ўсишига, кўпайишига, энг муҳими –баракали бўлишига ва турли бало офатлардан сақланишига сабаб бўлади.

Ортиқов Илхомжон Балиқчи туман “Қиличбурхонбува” масжиди мутаваллиси