Закот – Исломнинг беш рукнидан бири

Закот – Исломнинг беш рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Закот  луғатда “поклаш”, “ўсиш” деган маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда эса – “Муайян моллардан маълум қисмини Аллоҳ таоло белгилаб берган муайян тоифа кишиларга мулк қилиб бериш”дир. “Закот” сўзининг маъноларидан бевосита кўриниб турибдики, закоти берилган молга барака киради, кўпаяди, ўсиб, зиёда бўлаверади. Закоти адо этилган молларни Аллоҳ таоло асрайди.

Қуръони Каримнинг ўттиз икки жойида закот  беришга буйруқ бўлиб, шундан йигирма саккизтаси намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган

“Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз”(Нур сураси, 56-оят).

Рамазон ойи хайру саховат ва меҳр-оқибат ойи бўлганлиги учун ҳамда бу ойда бажариладиган барча амалларга ажрлар бир неча баробар кўпайтириб берилишидан умид қилиб мўъмин-мусулмонлар закотларини айнан ушбу ойда беришга одатланишган. Қуйидаги ояти карима закот бериш – фарз эканлигига далил ҳисобланади.

“Мол-мулкларидан уларни у сабабли поклашингиз ва тозалашингиз учун садақа олинг…” (Тавба сураси, 103-оят)

Бойлар бир қисм молларини камбағалларга беришлари фарз қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Уларнинг мол-мулкларида сўрагувчи ва бечора учун маълум ҳақ бордир” (Маъориж сураси, 24-25-оят)

Закот бой ва камбағални бир-бирига яқинлаштиради, бой киши ёрдам қилиш севинчи билан яшаса, камбағал эса ўз қалбида бойга нисбатан муҳаббат ва ҳурмат ҳиссини туяди ва хасислик ўртадан кўтарилади.

Мамадалиев Вохидуллоҳ Балиқчи туман “Хотамхонтўра” жоме масжиди имом-хатиби