Ватанга мухаббат қандай бўлади

Исломда ватанга муҳаббат бу – туғилиб ўсган юртига нисбатан эъзоздан иборатдир! Демак, мусулмон киши ватанини севади! Унинг иқболи учун ҳаракат қилади, уни ҳимоя қилади, хурсанд бўлса – хурсанд, хафалик етса – қайғуради. Инсон “Ватан менга нима берди?” деб эмас, балки “мен Ватанимга нима қилдим?” деган олий туйғу билан яшамоғи лозим.

 Шунинг учун ҳам киши ўз юртидан узоқлашганда, уни қумсайди ва соғинади. Бу қумсаш биз умматга Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан меросдир. Чунки ислом тарихидан маълумки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз ватанлари  Маккаи мукаррамада 53 ёшларигача яшадилар. Бу давр мобайнида Макка мушриклари томонидан У Зотга бир қанча зулм, душманчилик ва камситишлар бўлди. Шундай бўлса-да ватанларини тарк қилиб бошқа жойга кетмадилар. Аммо Макка мушрикларининг зулмлари ҳаддан ошиб, Расулуллоҳнинг жонларига қасд қилиш даражасига борганларидан кейин Аллоҳнинг буйруғига биноан Маккадан чиқиб кетдилар. Чиқиш вақти келганида кўзга ёш олдилар, кўнгиллари бўшаб, Маккага қараб шундай дедилар:

(Эй Макка) сендан кўра менга севимлироқ ва суюклироқ шаҳар йўқ! Агар қавмим мени сендан чиқармаганида, асло сендан бошқа жойни макон тутмасдим”  (Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам Маккадан узоқлашганлари сари унга бўлган иштиёқлари зиёдалашиб борарди. Шунда Аллоҳ таоло Расулуллоҳнинг кўнгилларини кўтариб, Маккага қайтиб келишларини башоратини бериб, Қуръони каримдаги қуйидаги ояти каримани нозил қилди:

(Эй, Муҳаммад!) Албатта, Сизга (ушбу) Қуръонни фарз қилган зот, шак шубҳасиз, Сизни қайтиш жойига (Маккага) қайтарувчидир…” (Қасос сураси 85-оят).

Шундан кейин Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам хотиржам сафарларини давом эттирдилар.

Юлбарсов Мўминали Балиқчи туман “Пучуқой” масжиди имом-хатиби