Тавбанинг маъноси

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.

Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.

Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.

Динимиз – ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Гуноҳ ишлардан кейин тавба қилиш ва солиҳ амаллар қилиш бандани жаннатга киритади. Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади:

“Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас” (Марям сураси, 59-60-оятлар).

Фурқон сурасида Аллоҳ таоло тавба қилиб, солиҳ амал қилганларнинг ёмонликлари яхшиликларга айлантиришини хабар беради:

“Илло, кимки (шу дунёда) тавба қилса ва имон келтириб, яхши амал қилса, бас, Аллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик (гуноҳ)ларини яхшилик (савоб)ларга айлантириб қўяр. Аллоҳ мағфиратли ва раҳмли зотдир” (Фурқон сураси, 70-оят).

Гуноҳнинг савобга айланиб қолиши қандай маъно касб этиши хусусида турлича тафсирлар бор. Масалан, собиқ гуноҳлари тавба билан ўчиб, ўрнига савобли ишларни қилиш билан; гуноҳ қилиш қобилияти савобли иш қилиш қобилиятига айланиши билан; Аллоҳнинг тавфиқи сабабли тоат-ибодат ва хайрли иш қилишга ўтиш билан ва ҳоказо. Ҳадиси шарифларда баъзи мўминларнинг кабира гуноҳлари кечирилиб, сағира гуноҳлари ҳасанотга айлантирилиши ҳақида башорат қилинган.

Мажидов Абдупаттоҳ Балиқчи туман “Жахонгирхон” жоме масжиди имом-хатиби