Синовларга сабр ва шукр қилувчиларга ажр мукофотлар бериши

Ҳозирги кунда ер юзининг кўп жойларида бўлиб турган турли хил офат ва балолар ҳақида эшитиб, кўриб турибмиз. Жумладан ўз диёрларимизда хам. Аллоҳга шукурлар бўлсинки бизнинг юртимизда тинчлик хукумрон. Бази қўпорувчилик воқеалари содир бўлаётган жойда инсонлар уй қурармиди, тўй қилармиди ёки халқининг кўнглига хурсандчилик сиғармиди?! Шундай юртлар борки, узоқ йиллардан бери хали ҳануз у юртларда тинчлик йўқ. Туғилган фарзанд уруш ўчоғида туғилиб, катта бўлмоқда, уйланмай туриб вафот этаётганлар қанча?! Уларга хам Аллоҳнинг Карами ва мағфирати бўлсин. Биз хам бундай синовли куларни сабр ва шукур билан унгиб ўтмоғимиз керак. Ғамга ботиб қолмасдан бир-бирларимизни қўллаб-қувватламоғимиз зарур.

Иброҳим Адҳам ғам чекиб ўтирган кишини кўриб, унга: “Нима учун ғамгинсиз? Сиздан уч нарсани сўрайман менга жавоб беринг”, – дедилар. У киши рози бўлди. Иброҳим Адҳам: “Ушбу борлиқда Аллоҳ таоло хоҳламаган бирор нарса бўладими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деди бояги киши. Иброҳим Адҳам яна “Аллоҳ таоло тақдир қилиб қўйган ризқингиздан бирор нарса озаядими?” – деб сўрадилар. “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Аллоҳ таоло ёзиб қўйган ҳаётингиз борасидаги бирор нарса сиз сабабли ўзгарадими?” – дея сўрадилар. У киши яна: “Йўқ”, – деб жавоб берди. Иброҳим Адҳам: “Ундай бўлса нега ғам чекяпсиз?” – дедилар.

Демак, инсоннинг бошига келган мусибат қандай бўлмасин, унинг илк дақиқаларидан сабр қилиш  ҳақиқий сабр экан. Бундай сабрга Аллоҳ таоло жаннатни ваъдасини берган. Бу ҳақда ҳадиси қудусийда қуйидагича келади:

Абу Умома разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, У Зот айтдилар: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, Мендан савоб умид қилиб, мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, –дейди” (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло барчамизни борига шукр қилувчи ва ҳар қандай ҳолатда сабр қилувчи бандаларидан айласин, бошига бир машаққат ё мусибат тушганида Ўзига ёлворувчи ва Ўзидан ёрдам кутувчи тақволи бандалари сафидан жой берсин, Ўзи ваъда қилганидай сабрларимиз эвазига улкан ажр-мукофотларини ато этсин! Омин!

Балиқчи тумани «Қақирчек» масжиди имом-хатиби Акромов Ойбек