Росулуллоҳнинг рўза ибодатлари

Бу ҳаммага маълум бўлса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг энг кўп ибодатга машғул бўладиган ҳолатларини яна бир эсга олиб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. У зотнинг мазкур ҳолатлари қуйидагиларда ўз аксини топган:

  1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ифторлик ва саҳарлик қилишга тарғиб қилишлари.
  2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вақти кириши билан ифторликни тез, яъни шом намозини ўқимасдан олдин қилишлари, шунингдек, саҳарликни кечиктириб, яъни бомдод намозига яқинроқ вақтгача суришлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатлари эди.
  3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хўл ёки қуруқ хурмо ёки сув билан оғиз очишлари ҳамда саҳарлик қилишга тарғиб қилишлари.

Бу ишларга далолат бўладиган ҳадиси шарифлар жуда кўп. Жумладан, Анас розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ намоз ўқишдан олдин бир нечта хўл хурмо билан оғиз очар эдилар. Агар хўл хурмо бўлмаса, кичик қуруқ хурмолар билан очар эдилар. Агар кичик қуруқ хурмолар ҳам бўлмаса, бир неча қултум сув ичар эдилар» (Термизий ривояти. Бу саҳиҳ ҳадис. Агар сув ҳам топилмаса, мавжуд ҳар қандай ҳалол таом билан оғиз очиш мумкин. Агар бунинг ҳам иложи бўлмаса, оғиз очишни ният қилса ҳам бўлаверади).

Абу Атийя розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: «Масруқ билан Оиша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдик. Масруқ розияллоҳу анҳу Оиша розияллоҳу анҳога: «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг икки саҳобаси бор. Иккаласи ҳам яхшиликдан оғишмайди. Уларнинг бири шом намози ва ифторликни тезроқ вақтида қилади, бошқаси эса кечиктириб қилади». Оиша розияллоҳу анҳо: «Шом намози ва ифторликни ким тезроқ қилади?» — деб сўради. Масруқ раҳматуллоҳи алайҳ: «Абдуллоҳ», деди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Расулуллоҳ ҳам шундай қилар эдилар”, деди» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Абу Авф розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда қуйидагиларни ўқиш мумкин: «Биз Расулуллоҳ билан Рамазон ойида сафарга чиқдик. Қуёш ботганида У зот: «Эй фалончи. туш ва шавлaсимон аралаштир», дедилар. У: «Ё Расулаллоҳ, ҳали кун ёруғ-ку?!» — деди. Расулуллоҳ: «Туш ва аралаштир», дедилар. у тушиб, аралаштирди. Сўнг ундан Расулуллоҳга олиб келди. У зот шaвлaсимондан тановул қилдилар, сўнг қўллари билан кўрсатиб: «Агар қуёш бу ердан ғойиб бўлса ва бу ердан тун кириб келса, рўзадор оғзини очади», дедилар” (Бухорий, Муслим ривояти. Ҳадис лафзи “Саҳиҳул Муслим”дан олинган).

Абдуллоҳ ибн Ҳорис розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саҳобаларнинг биридан шундай ривоят келтирган: «Мен Расулуллоҳ ҳузурларига кирдим. У зот саҳарлик қилаётган эканлар. Расулуллоҳ: “Бу (саҳарлик) Аллоҳ сизларга берган баракадир. Уни тарк қилманглар», дедилар» (Насоий ривояти).

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилади: «Биз Расулуллоҳ билан бирга саҳарлик қилдик. Сўнг У зот намозга турдилар. Мен: «Азон ва саҳарлик орасида қанча муддати бор эди?» — дедим. У зот: “Эллик оят (ўқиш) миқдорича», дедилар» (Бухорий ривояти). Саҳарликни кечиктириш рўзани енгиллаштиради, рўзадорга осонлик туғдиради ва бомдод намозигача ухлаб қолишдан сақлайди.

Яқубов Шерали Балиқчи туман “Мирзақосимхожи” жоме масжиди имом-хатиби