Рўзанинг фазилатлари

“Аллоҳ азза ва жалла айтади: “Эй фаришталарим, бандамга қаранглар! Шаҳватини, лаззатини, таомини ва шаробини Менинг ризоим учун тарк этажак”.
(Ибн Сунний ривояти).

Аллоҳ таолонинг: “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирон жон билмас” (Сажда сураси, 17-оят) сўзи тўғрисида бу инсонларнинг амаллари рўза эди, дейилади.

Чунки Аллоҳ таоло: “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” (Зумар сураси, 10-оят), дейди.

Демак, рўзадорга мукофоти кенг ва улгуржисига бериладики, у ҳаёл ва чамалаш қонуниятларига бўйсунмайди. Аслида шундай бўлиши ҳам керак эди. Чунки рўза Унинг учундир. Унга нисбат бериш билан шарафлангандир, гарчи барча ибодатлар Унинг учун бўлса ҳам. Бу — Байтнинг ва ҳамма ернинг шарафи Ўзига нисбат берилиши билан шарафлангани кабидир.

Бу даражадаги шараф икки маъно сабабидир.
Биринчиси — албатта рўза тийилиш ва тарк қилишдир. У ўзига хос сирдир, унда кўринадиган амал йўқдир. Барча тоат-амаллар халқнинг гувоҳлиги ва кўз ўнгида бўлади. Рўзани эса фақат Аллоҳ азза ва жаллагина кўради. Чунки у фақат сабр билан бўладиган ботиндаги амалдир.

Иккинчиси — Аллоҳ азза ва жалланинг душманига қарши куч ишлатишдир. Чунки шайтон лаъанаҳуллоҳнинг васила-воситаси шаҳватлардир. Шаҳватлар эса ейиш ва ичиш билан қувватланади.

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта шайтон одам боласининг қон йўлларида юради. Унинг йўлларини очлик билан торайтиринг”, деганлар.
(“Унинг йўлларини очлик билан торайтиринг”дан олдинги жумла Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оишага розияллоҳу анҳога: “Жаннат эшигини қоқишда давом эт”, деганлар.
У зот: “Нима билан?” дея сўраганларида:
“Очлик билан”, дея жавоб қилганлар”
(“Аворифул-Маъориф” китобида келтирилган).

Раззақов Абдуқаххор Балиқчи туман “Полвонкўл” жоме масжиди имом-хатиби