Қодир бўла туриб, ғазабини ютишнинг ажри

Киши ғазабини ютиб, биродарини кечирса, унга жаннатда ҳури ийнлар ваъда қилинган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Кимки қодир бўла туриб, ғазабини ютса, Аллоҳ таоло Қиёмат куни уни чақириб, бутун халойиқ олдида шаҳло кўзли ҳурлардан хоҳлаганича олишга ихтиёр беради” (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоятлари).

Одамларнинг хато ва камчиликларини кечириш – ғазабни ютишнинг давомидир. Яъни, ҳақиқий тақводор фақатгина ғазабини ютмайди, балки ана шу ғазабини қўзғаган одамдан ўч олишга кучи етса ҳам, уни кечиради.

Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: «Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлидир«” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).

Яқубов Шерали Балиқчи туман “Мирзақосимхожи” жоме масжиди имом-хатиби