Мусулмоннинг мусулмон устидаги беш ҳаққи

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилиб айтди: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим:

«Мусулмоннинг мусулмон устидаги ҳаққи бештадир: “Саломга алик олиш, касал кўриш, жанозага қатнашиш, таклиф қилиб айтилган жойга бориш ва акса урувчига жавоб қайтаришдир»

«Муттафақун алайҳ»

(1. Салом бериш — мусулмон мусулмонга йўлиқганда салом бериши суннатдир. Аммо салом берган кимсага алик қайтариш фарздир.

  1. Касал кўриш — Ислом динида ҳатто кофирларни, ғойримусулмонларни ҳам касал, бетоб бўлса ҳолидан хабар олишга чақирган диндир. Энди мусулмоннинг диндош биродари бетоб бўлса ҳолидан хабар олиш икки баробар буйирилган амалдир.
  2. Жанозага қатнашиш — мусулмон кимса ўзининг биродари, диндоши вафот қилса унинг жанозасига қатнашиши фарзи кифоядир. Яъни суннат ҳам эмас фарзи-кифоядир.
  3. Таклиф қилинган жойга бориш — тўйга, издиҳомга, меҳмондорчиликга ваҳоказо таклифотларга бориш мусулмоннинг мусулмон устидаги зиммасидир. Ҳар қанча дунёвий юмушларини қўйиб биродарини ҳурмат қилиб, таклифотини эътиборга олиб боришлиги зарур.
  4. Акса урган мўъминга жавоб қилиш — акса урган кимса “Алҳамдулиллаҳ – Аллоҳга Ҳамдлар бўлсин” деганда унга “Ярҳамукаллоҳ – Аллоҳ сени раҳматига буркасин” деб жавоб қилиши даркор.

Бу ҳадисда мусулмоннинг мусулмон устидаги бешта ҳаққи айтиляпти. Аммо, бошқа ҳадисларда жуда кўплаб ҳақ-ҳуқуқлар ворид бўлган. Бошқа ҳадисларда — қарз сўраса иложи борича қарз беришлик, ёрдам сўраса ёрдам беришлик, душман қўл остида зулмланаётган бўлса ҳимоя қилишлик, хато иш қилса муҳосаба қилишлик каби жуда кўплаб ҳақ-ҳуқуқлар айтилган.)

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби