Комил мўмин бўлиш

  Аллоҳ таолога беҳад ҳамду санолар бўлсинки, ота-боболаримиз минг йиллардан буён мана шундай мўмин-мусулмончилик ҳақларига риоя қилиб келганлар. Маҳалладаги боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиш, ёши улуғларни хизматларида бўлиш каби эзгу ишлар халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган.

Мусулмон инсон бошқа мусулмоннинг бирор гуноҳ иш қилаётганидан хабардор бўлса, уни бу ишидан қайтариши ҳам – бир мўминлик бурчидир. Чунки бу – ҳақиқий дўст-биродарлик рамзидир. Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

“ “Сизлардан бирортангиз ўзи учун яхши кўрган нарсани бошқа мусулмон учун ҳам раво кўрмагунича (комил) мўмин бўла олмайди”, – дедилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).

Сўфи Оллоёр бобомиз ҳам бу ҳақда шундай деганлар: 

Худонинг буйруғидин тойса ногоҳ,

Биродарлик ўшалдур  қилсанг огоҳ.

Мусулмон инсоннинг зиммасидаги бошқа мусулмонларнинг ҳақларидан бири – унинг тилидан ва қўлидан бошқалар озор чекмаслигидир. Аллома ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ ўзларининг “Жомеъул улум вал ҳикам” асарларида: “Мусулмонга ҳар қандай кўринишда,  хоҳ сўз билан, хоҳ феъл билан бўлсин, ноҳақ азият бериш – ҳалол эмаслиги шарий далилларда ўз ифодасини топган”, – деганлар.

Мусулмон инсоннинг бошқалардан уч кундан ортиқ аразламаслиги ҳам мусулмонлик ҳақларидан ҳисобланади. Афсуски, бугунги кунда арзимаган сабабларга кўра бир-бирлари билан аразлашиб юрган  мўмин-мусулмонлар кўзга ташланиб турибди.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида:

яъни “Мусулмон кишига ўз биродаридан уч кундан ортиқ аразлаш – ҳалол эмас. Ким уч кундан ортиқ аразласа ва шу ҳолида вафот этса, дўзахга киради”, – дедилар (Имом Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривоятлари).

Арифов Турсиали Балиқчи туман “Мирзабошичек” масжиди мутаваллиси