Хасад ва хавас

Афсуски, бугунги кунда жамиятимизнинг турли соҳаларида ҳасад иллатига мубтало бўлингани сир эмас. Кўп ҳолларда зиёли инсонларга нисбатан ҳасадгўйлик билан муомала қилиниши – жуда ачинарли ҳол. Бундай ҳолатлар Исломнинг аввалида мушриклар тарафидан кузатилар эди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:

 “Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!” ( Нисо сураси, 54-оят)

Демак, илму-ҳикмат ҳам Аллоҳ таоло тарафидан берилган улуғ бир неъмат бўлиб, бунга ҳасад билан эмас, балки ҳавас билан қараш – айни динимиз буюрган ишлардандир.

Ҳавас мазмунидаги ҳасад ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

Икки кишидан бошқага ҳасад қилиш йўқ: Аллоҳ Қуръонни ато қилган киши ва Қуръонни кечаю кундуз ҳаққини адо қиладиган киши, Аллоҳ мол берган ва у молни кечаю кундуз инфоқ-эҳсон қиладиган киши” (Имом Бухорий ривояти).

Бу ҳадис ҳақида Имом Жалолиддин Суютий шундай дейдилар: “Ҳасад икки хил бўлади: ҳақиқий ва мажозий. Ҳақиқий ҳасад – бир кишидан неъматни кетишини исташ. Бу ҳаром эканига уламолар ижмоъ қилишган. Мажозий ҳасадни “ғибта”, яъни “ҳавас” дейилади. Бунда – неъмат эгасидан кетмасдан, кишининг ўзида ҳам бўлишини орзу қилади. Дунё ишларида ҳавас қилиш – мубоҳ иш. Ўзгалар қилаётган тоатларни орзу қилиш эса – мустаҳаб (яъни мақталган иш)дир”.

Бошқа ривоятда ҳам мазкур маънодаги ҳасад зикр этилган:

“Ҳасад икки нарсада бўлади. (биринчиси) Аллоҳ таоло бир кишига моли дунё бериб, уни ҳақ йўлда сарфлаш имконини ҳам беради, (иккинчиси) Кишига Аллоҳ таоло илму-ҳикмат беради. У илму ҳикматни (ҳаққини) адо қилади ва уни (одамларга) ўргатади”,  дедилар (Муттафақун алайҳ).

Ҳасаднинг иккинчи хили ёмон ҳасад бўлиб, у бошқадаги неъматни йўқ бўлишини умид қилишдир. Бундай ҳасад шариатда ҳаром қилингандир.

Зеро Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз вақтида ҳасад иллати жамият аъзолари ўртасида нақадар хавфли экани, ҳатто кишининг имонига ҳам путур етказиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб шундай деганлар:

Бир бандада имон ва ҳасад асло бирга бўлмайди” (Имом Насаий ривояти).

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса:

Инсонлар бир-бирларига ҳасад қилмасликда бардавом бўлсалар, яхшилик узра бардавом бўладилар”, – дедилар. (Имом Табароний ривояти)

Акбаров Саидолим Балиқчи туман “Имоми Аъзам” жоме масжиди имом-хатиби