Аллоҳ сабр қилгувчилар билан бирга

Маълумки, инсон ҳаёти тинимсиз курашлардан иборат. Бу дунёда биз беҳисоб ва турли-туман қийинчиликларга дуч келамиз. Ушбу курашларда кишининг зафар қучиши унинг сабр-матонатига боғлиқ бўлади.

Машҳур саҳоба Ато ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу айтадилар: “Ибн Аббос разияллоҳу анҳу менга шундай деди: “Сизга жаннат аҳлидан бўлган бир аёлни кўрсатайми?” Мен: “Ҳа”, – дедим. У: “Мана бу қора танли аёл”, – деди ва сўзида давом этиб айтдики:

“Бу аёл Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бориб: “Менинг тутқаноқ касалим бор. Тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг (менга шифо берсин)”, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар хоҳласангиз, сабр қилинг, жаннатга эришасиз. Агар хоҳласангиз, Аллоҳга дуо қиламан, сизга шифо беради”, – дедилар. Шунда аёл: “Мен сабр қиламан, лекин тутқаноқ вақтида авратим очилиб қоляпти, Аллоҳга дуо қилинг, очилмасин”, – деди. Расулуллоҳ дуо қилдилар. Аёлнинг тутқаноғи тутганда аврат аъзолари очилиб қолмайдиган бўлди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).

Бошқа ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилинган:

Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Набий алайҳиссалом бир қабр устида йиғлаб ўтирган аёл олдидан ўтиб қолдилар ва унга: “Аллоҳдан қўрқинг ва сабр қилинг!”, – дедилар. Шунда у аёл Набий алайҳиссаломга: “Нари тур! Зеро, менга етган мусибат сенга етмаган ва менинг мусибатимни қай даражадалигини билмайсан ҳам”, – деди. У аёлга: “Бу киши Пайғамбар алайҳиссалом бўладилар”, – дейишди. Бояги аёл айтган сўзларидан пушаймон бўлиб, узр сўрашга Набий алайҳиссаломнинг уйларига келди ва у кишининг уйи олдида ҳеч қандай соқчиларни кўрмади. Бу аёл Пайғамбаримизни подшоҳлардек яшайди ва эшиги олдида дарвозабонлар туради, деб ўйлаган эди, аммо уйларига келганда ҳеч қандай эшикоғаларини кўрмагач, ажабланади. Набий алайҳиссалом билан кўришгач: “Мен Сизни танимабман”, – деди. Шунда Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий сабр – биринчи зарбадаги сабрдир!”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари).

Демак, инсоннинг бошига келган мусибат қандай бўлмасин, унинг илк дақиқаларидан сабр қилиш  ҳақиқий сабр экан. Бундай сабрга Аллоҳ таоло жаннатни ваъдасини берган. Бу ҳақда ҳадиси қудусийда қуйидагича келади:

Абу Умома разияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади, У Зот айтдилар: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, Мендан савоб умид қилиб, мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, –дейди” (Имом Ибн Можа ривояти).

Аллоҳ таоло томонидан “банда учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман” дейилиши – жуда катта гап. Бу сабрлиларга жаннат вожиб бўлишига далолат қилади. Зеро Аллоҳ банданинг жаннатга киришига амр этар экан, бунга ҳеч ким ва ҳеч нарса тўсқинлик қилолмайди.

Сабр-тоқат туфайли жаннатга киришнинг бир нечта шартлари бор. Булар:

–  мусибатнинг илк дақиқаларидан сабр қилиш;

–  сабр қилгани учун Аллоҳдан савоб умидида бўлиш;

–  шикоятни тарк қилиш.

Абдулқодир Жийлоний: «Эй фарзанд, бало-мусибат сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади»,– деб айтганлар.

Баратов Шерали Балиқчи туман “Сўфи ота” жоме масжиди имом-хатиби