Қалб хотиржамлиги нимада?

Инсоният яратилгандан бугунги кунга қадар барча одамлар ҳаётида мукаммал бахт-саодатга эришиш илинжида бўладилар. Замон шиддат билан тараққий этаётган ҳозирги даврда ҳам инсон зоти иложи борича кўпроқ мол-дунё тўплашга, ҳашаматли уйлар қуришга интилаётгани сир эмас. Аксарият кишилар фикру хаёли фақат яхши яшаш, бахтли ҳаёт кечириш билан банд. Одатда ушбу бахт-саодатнинг ортида қалб хотиржамлиги ва ҳаловатига эришиш кўзланади. Бунинг учун катта-катта маблағлар сарфланади. Қалб хотиржамлигини таъминлаш учун турли хил дори-дармон ва тинчлантирувчи воситаларни истеъмол қилинади. Лекин ҳар қанча кўп мол-дунё топмасин, ҳаёт ҳашаматли тус олмасин, киши қалб хотиржамлигидан йироқлашаверади.

Аслида эса қалбнинг хотиржамлиги нимада экани, қандай қилиб унга эришилишини бизга барча нарсани яратган Зотнинг Ўзи ўргатмоқда. Мазкур ояти каримадан маълум бўлишича, Аллоҳни зикр қилиш, берилган неъматлар ҳақида фикр қилиб, У Зотга муносиб тарзда ҳамду сано айтиш киши қалбига илоҳий хотиржамлик, ҳаловат ва сакинатни бахш этар экан.

Зикр – ибодатларнинг афзалидир. Бу ҳақида Сарвари олам ўзларининг ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

“Сизларга Хожангиз ҳузурида амалларингизнинг энг яхшиси бўладиган, даражаларингизни кўтарадиган,  олтину кумушингизни инфоқ қилишдан кўра  хайрли бўлган, душманингизга йўлиққанингизда ўзаро Аллоҳ йўлида урушишингиздан кўра яхшироқ бўлган амал ҳақида хабар бермайми?” – дедилар. Саҳобалар: “Хабар беринг”, – дейишди. У зот: “Аллоҳни зикр қилишингиздир”, – дедилар.  (Имом Табароний ривояти).

Исомитдинов Элбек Балиқчи туман “Иброхим ота” жоме масжиди имом-хатиби