Аччиқ хақиқат

Бир дақиқалик халифа

Девона Баҳлул бир куни шошиб Ҳорун ар-Рашиднинг саройига кирса, халифанинг тахти бўш турибди. У шартта бориб халифанинг тахтига ўтириб олибди. Сарой мулозимлари ва навкарлар Баҳлулни роса дўппослаб, тахтдан тушириб олишибди. Баҳлул калтакнинг зўридан йиғлаб турган пайти Ҳорун ар-Рашид кириб келибди.
Мулозимлар воқеани кўпиртириб, унга сўзлаб берибдилар. Ҳорун Баҳлулнинг девоналигига раҳми келиб, навкарларни койиб, унга тасалли бера бошлабди.
Баҳлул эса:
— Подшоҳим, мен ўзимга эмас, сизнинг ҳолингизга йиғлаяпман. Қаранг, бир неча дақиқагина тахтингизга ўтириб, шунча калтак едим. Сиз умр бўйи шу тахтда ўтирибсиз. Эртага Аллоҳ таолонинг ҳузурида оқибатингиз нима бўлишини ҳеч ўйлаб кўрдингизми?


Ажойиб қисса.
Аслида воқеликни кўпиртириб ҳукмдорга етказадиган, султонга ёқиш учун фуқарони жазолайдиган мулозимлар, шунингдек, ҳақиқатни баралла айтадиган «девона»лар ҳар замонда ҳам бўлган.
Лекин Баҳлул каби саройда, халифанинг юзига ҳақ сўзни айта олган донолар жуда кам бўлган.

Акромов Ойбек Балиқчи туман “Қақирчек” жоме масжиди имом-хатиби