Силаи раҳмни узманг

Силаи раҳм – қариндошлик ришталарини боғлаш бўлиб, у инсоний муомалаларнинг энг афзалидир. Унинг акси бўлган қариндошлик ришталарини узиш эса, қотиур-раҳм бўлиб, у энг оғир гуноҳлардан ҳисобланади.

Аллоҳ таоло бандаларини қариндошлик ришталарини боғлаш ва мустаҳкамлашга буюриб, Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Сиздан (эй, Муҳаммад!) қандай эҳсон қилишни сўрайдилар. Айтинг: “Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар ва мусофирларга қилингиз! Аллоҳ ҳар қандай қилган эҳсонларингизни билиб турувчидир” (Бақара сураси 215-оят).

Қариндошлик ришталарини боғлашга бўлган эътибор нафақат бизни динимизда, балки биздан олдинги динларда ҳам бўлгандир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Эсланг, (Биз) Исроил авлодидан: “Фақат Аллоҳгагина сиғинасиз, ота-она, қариндош, етим ва мискинларга яхшилик қиласиз, одамларга ширинсўз бўлинг, намозни баркамол ўқинг, закот беринг”, — деб аҳд  олган эдик. Кейин (сиз, эй, Исроил авлоди,) озчилик қисмингиздан  бошқангиз ушбу аҳддан юз ўгирдингиз”(Бақара сураси, 83-оят).

Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом Мадинага келиб, илк хутбаларининг бирида: “Эй, инсонлар! Саломни орангизда ёйинглар, таом улашинглар, силаи раҳм қилинглар ва инсонлар ухлаётган вақтда кечаси бедор бўлиб намоз ўқинглар ана шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дея марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Қариндошлик ришталарини мустаҳкамлашга ҳаракат қилиш инсонни ризқини кенг ва умрини узун бўлишига сабаб бўлади. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дунёда кўп яхшиликларга эга бўлиш билан бирга охиратда улуғ ажру мукофотлар соҳибига айланади.

Балиқчи тумани Пучуқой масжиди имом-хатиби М.Юлбарсов