Савдодаги ҳалоллик барака калити

Маълумки, ислом бир нарсани ҳаром қилса, унинг муқобилига ҳалол нарсани ҳам тақдим қилган. Масалан зинони ҳаром қилди, никоҳни ҳалол қилди. Рибони ҳаром қилди, тижоратни ҳалол қилди. Агар тижоратчи тўғри йўлни тутса, бу касб ниҳоятда пок ва шарафли касбдир.

Бу ҳақида ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу ҳадис ривоят қилинган:

Абу Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: Ростгўй, омонатдор тижоратчи набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир”, – дедилар (Имом Термизий ривоят қилган). 

Мусулмон киши мана шундай улуғ мақомга эришиши учун ушбу касбнинг шаръий қоидаларига амал қилиши керак. Яъни, тижорат билан шуғулланаётган ёки энди иш бошламоқчи бўлган киши тижорат илмини диққат билан ўрганиши керак. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу тижоратчилардан тижорат илмини билишни талаб қилардилар.

Ислом тижоратчига фойда олишни мубоҳ қилди. Фойдани чегаралаб ҳам қўймади, фақат тижоратчи, одамларга зарари тегадиган ишлар: ихтикор (одамлар ва ҳайвонларга зарар етказадиган даражада товарларни босиб қўйиш), нархни жуда ошириб юбориш ва савдодаги алдов каби ишлардан сақланиши керак. 

Гоҳида савдогар арзимаган пулларга виждонини сотаётгани, Аллоҳ таолонинг номига ёлғон қасам ичаётганини гувоҳи бўламиз. Бу билан у ўз шарафи ва динини йўқотади ва қуйидаги оятда зикри келганларга ўхшаб қолади.

Улар, ҳақиқатан, охират ўрнига (фоний) дунё ҳаётини сотиб олган кимсалардир. Шундай экан, уларга бериладиган азоб-уқубатлар енгиллаштирилмас ва уларга ёрдам ҳам берилмагай” (Бақара сураси,

86-оят).

Яна савдодаги энг ёмон иллатлардан бири тарозудан уришдир. Унинг гуноҳи катта эканига Қуръони каримда алоҳида тўхталиб ўтилгани ҳам  ёрқин далолат қилади.

(Савдо-сотиқда ўлчов ва тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан (бирор нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар (ўлгандан кейин) қайта тирилувчи эканларини ўйламайдиларми? Улуғ кунда (қиёматда) – Одамлар (бутун) оламлар парвардигори ҳузурида  (ҳисоб-китоб бериш учун) тик турадиган кунда?!” (Мутоффифийн сураси, 1-6 оятлар)

Яна бир гуруҳ тижоратчилар бор, улар сифатсиз ва зарарли, таом, ичимлик ва товарларни халққа таклиф қиладилар ва зарар, мусибат келтирадилар. Улар ҳаром луқма (мол) еганнинг борар жойи дўзах эканини унутадилар. Зеро Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам:

Баро Ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам Бақиъга келдилар, “Эй, тожирлар жамоаси!”, дедилар. Ҳамма у кишига қаради, шунда у зот: “Албатта, тужжорлар қиёмат кунида фожир бўлиб тириладилар, фақат ким Аллоҳдан қўрқса, солиҳ амал қилса (эҳсон қилса) ва рост сўзласа бундан мустасно”, дедилар (Имом Термизий ривояти).

Бу ҳадиси шариф тижорат шарафли касб бўлиш билан бирга ўта масъулиятли касб эканлигини билдириб турибди.

Балиқчи тумани Полвонкўл масжиди имом-хатиби Мамажонов Абдурахмон