Мустахкам оила юрт таянчи

Ҳар бир инсон ахлоқ-одоб ва ижтимоий муносабатларни оилада ўзлаштиради ҳамда шунга мувофиқ инсоний фазилатларни намоён этади. Баркамол инсонни шакллантириш, уни ҳаётга тайёрлаш ва эзгуликка йўналтириш оиланинг муқаддас вазифасидир. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта ва фаровон бўлади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Динимизда оила қуриб яшаш савобли амаллардан бири ҳисобланиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш каби оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир. Аллоҳ таоло оила қуриб яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган:

“Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик” (Зориёт сураси, 49-оят).

Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган. Масалан, эркак-аёл, кеча-кундуз, иссиқ-совуқ ва ҳоказолар.

Яна бир ояти каримада оила қуришга тарғиб қилиб, шундай дейилган:

“Сизларнинг орангиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантирингиз! Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитур. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва доно зотдир” (Нур сураси, 32-оят).

Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: “Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: “Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!” деб буйруқ берилмоқда”.

Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.

Акромов Ойбек Балиқчи туман “Қақирчек” жоме масжиди имом-хатиби