МЎЪЖИЗА ДОРИ

Ота, она ва ўғил, қиздан иборат бир кичкина оила бор эди. Уларнинг ўғилчаси қаттиқ бемор бўлди. Кўп текширувлардан сўнг аниқ бўлдики, боланинг бошида ўсма бор экан.
Шифокор билан гаплашган ота уйга келиб хотинига боласининг аҳволи оғирлигини, болада амалиёт ўтказиш учун катта пул лозимлигини, энди болани фақат мўъжиза қутқариши мумкинлигини айтди.
Уларнинг суҳбатини эшитиб турган қизалоқ югуриб бориб тортмасини тортиб ундаги бир долларни олди. Пулни олиб энг яқин дорихонага югурди. Сотувчининг бўшашини кутиб турди. Суҳбат чўзилгач қизча ғазаб билан қўлидаги бир долларини столга қўйиб деди:

Менга мўъжиза беринг!
Сотувчи:

Кўрмаяпсанми, мен анчадан бери кўришмаган акам билан суҳбатлашаяпман. Менинг мўъжиза сотишимни сенга ким айтди?
Шунда сотувчининг акаси суҳбатга аралашди:

Қанақа мўъжизани истаяпсан қизалоқ, гапирчи?
Содда қизалоқ деди:

Билмадим. Аммо шифокор айтибдики, укам ўлмасдан тузалиши учун мўъжиза керак экан. Мўъжизага мана шу пул етадими?
Сотувчининг акаси илиқ табассум ила деди:

Ҳа, мўъжизанинг баҳоси бир доллар. Аммо мен укангни бир кўришим лозим.
Бу киши машҳур шифокор, жарроҳ Карлтон Армстронг эди. У қизча билан уйига борди. Ота-онаси билан учрашди. Ташхис ва текширувлар натижасини кўриб чиқиб деди:
-Мен амалиётни ўзимнинг шахсий клиникамда ўтказаман.
Амалиёт муваффақиятли ўтди. Шифокор бир доллардан ортиқ пул олмади. У ўша бир долларни қабулхонаси деворига ёпиштириб остига:
«Бу доллар мўъжизанинг баҳосидир» деб ёзиб қўйди.

Балиқчи тумани «Оққўрғон» масжиди имом хатиби Р.Хамидов