Исрофдан сақланайлик

Шариатимизда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушуриб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрида адо этилади. Меъёрдан ошириб юбориш исроф, деб қаралади.

Қуръони каримда бу ҳақда ҳам баёнот келгандир. Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

“(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз” (Исро сураси, 29-оят).

Ўртача, мўътадил туриб, хасислик ҳам қилмасдан, исроф ҳам қилмасдан молини Аллоҳ таоло айтганидек, шариат кўрсатганидек тасарруф қилса, Аллоҳ таоло унинг садақаси, хайр-эҳсонининг ўрнига бандаси кутмаган томондан яна бошқа неъматлар ато этиб, баракасини беради.

Исрофчининг бу дунёдаги оқибати ҳасрат ва надоматдан иборат бўлиб, охиратдаги оқибати аламли жазо ва шиддатли азоб бўлади. Аллоҳ таоло Воқеа сурасида марҳамат қилади:

“Чап томон эгалари – чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир! (Улар) Самум (қаттиқ иссиқ шамол, гармсел) ва қайноқ сув ичида, қора тутун сояси остидадирларки, на совуқдир (у жой) ва на ёқимли. Улар бундан илгари (дунёда) маишатпараст эдилар” (Дунёда яйраб олайлик дер эдилар) (Воқеа сураси, 41-45 оятлар).

Ояти каримадаги самум – кишининг баданини ташқаридан тешиб ўтувчи шамолдир. ҳамим – қайноқ сув, дўзахийларнинг баданини ичидан тешади. Чап тараф эгалари мана шулар ичида доимий азобда бўладилар. Яъни улар дунё лаззатининг ортидан эргашиб, имонни, диёнатни унутган, маишатпараст, исроф қилувчи тоифада бўлган эдилар.

Молни зое қилиш, исроф қилиб, беҳуда кетказиш Аллоҳ таолонинг ғазабини келтирадиган амаллардан ҳисобланади. Бизларни исроф қилувчилар бўлиб қолишдан Яратганнинг ўзи асрасин.Амийн

Балиқчи тумани «Хотамхонтўра» масжиди имом-хатиби В.Мамадалиев