Ислом мўътадил дин

Аллоҳ таоло мусулмон умматининг сифати ҳақида Қуръони каримнинг Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:

“Ана шундай қилиб, одамлар устидан гувоҳ бўлишингиз ва Расул устингиздан гувоҳ бўлиши учун ўрта уммат қилдик”, (Бақара сураси, 143-оят).

Ислом уммати ҳақиқатда ўрта – мўътадил умматдир. Бошқа баъзи умматларга ўхшаб, бирор ноҳақ тарафга оғиб кетмайди. Ёки бошқасига ўхшаб фақат моддий нарсаларгагина суянмайди. Балки, инсон ўз табиатидаги хусусиятига қараб ҳам руҳий, ҳам моддий жиҳатга ўртача, адолатли, мўътадил ва энг афзал муносабатда бўлади.

Ушбу маънолар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларида ҳам ўз ифодасини топган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта дин осондир. Кимки унда чуқур кетса, динга мағлуб бўлади. Шундай экан динда тўғри бўлинглар ва яқинлашиб юринглар. Яхшилик билан суюнтиринг. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг бир қисмида (ибодат қилиб) фойдаланинг”, дедилар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

Осонлаштиринг, қийинлаштирманг! Қизиқтиринг, бездирманг!”, (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти)

Соғлом фикрли инсон яхши англайдики, Ислом дини таълимотида мўътадиллик ғояси ётади ва унга эргашиш инсониятни ҳеч қачон залолатга бошламайди. Зеро, мўътадиллик бу – ҳаддан ошиш ёки сусткашликка йўл қўйиш, қаттиқ олиш ёки ўта бўш қўйиб юбориш ўртасида бўлиб, мана шу мувозанатни сақлаган киши тўғри йўлдан адашмайди.

 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб шундай дейди:

“Мени бир амалга йўллангки, уни қилсам жаннатга кирай”. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳга ибодат қиласан, Унга бирон шерик қилмайсан, фарз намозларни ўқийсан, фарз қилинган закотни ўтайсан, Рамазон рўзасини тутасан дедилар. У: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан зиёда ҳам қилмайман, камайтирмайман ҳам” деди. У қайрилиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Ким жаннат аҳлидан бўлган кишига боқишни истаса мана бунга боқсин”, – дедилар (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло барча амалларимизни Ўзининг шариатига мувофиқ ҳолда бажаришимизни насиб айласин. Омин!

Балиқчи тумани Мирзақосимхожи масжиди имом хатиби Ш.Яқубов