Гиёхвандлик офат

Динимиз ҳалол қилиб берилган нарса покдир. Покиза ризқ топиш учун ҳаракат қилиш эса ибодат даражасидадир. Агар бунинг акси, бўлса ўша нарса ҳаром ва унинг истеъмол қилган кишилар гуноҳкор бўлади. Дарҳақиқат, инсонга зарар келтирувчи нарсалардан айниқса энг улуғ неъмат саналмиш ақлни кетказувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарса динимизда ҳаром қилинган. Шунингдек, у инсон соғлиғини кетишига ёки унинг ҳалокатига сабаб бўлувчи воситалардан сақланиш унга фойдадир. Ҳадиси шарифда шундай дейилади:

Умму салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади, у зот айтадилар: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар” (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким ривояти).

 Бу ҳадис билан истеъмол қилганда танани бўшаштирувчи ва ақлни кетказувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлади. Ҳудди шу ҳадисда зикр қилинган бўшаштирувчилик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланган гиёҳвандлик моддаларининг васфидир. Бошқа бир ҳадисда:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумадан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар:  “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир ва ҳар қандай маст қилувчи ҳаромдир”(Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадис билан ҳам гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши ҳаром ҳисобланади. Шунга кўра маст қилувчи ичимликларнинг ҳукми, зарарлари, оқибатлари ҳақидаги барча оят ва ҳадислар ҳам гиёҳванд моддаларга тегишлидир. Гиёҳвандлик кишини секин секин (гоҳида эса тезда) ўлимга олиб келади. Бу нарсаларни истеъмол қилиш билан ўз жонига ўзи қасд қилган бўлади. Бу эса гуноҳи кабирадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки:

Собит ибн Заҳҳок розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мўминни лаънатлаш уни ўлдиришга ўхшайди. Дунёда ким ўзини бирор нарса билан ўлдирса, қиёматда ўша нарса билан азобланади”(Имом Дорамий ривояти).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон бўлгани учун ҳам уларга зарарли бўлган нарсаларни ман қилган. Банда ушбу чегарадан тажовуз қилса ҳамда ман қилинган нарсалардан сақланмаса, ўзига ва бошқаларга зарар етказади. Бу эса исломга зид амалдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар:

“Ўзига ҳам бошқаларга ҳам зарар етказиш йўқдир” (Имом Ибн Можа ривояти).

Балиқчи тумани Мирзабошичек масжиди мутаваллиси Арифов Турсинали