Ўз ҳолингга шукр қил

Назиржоннинг олдига Сарвар келди. Назиржон ундан ҳол-аҳвол сўради. Сарвар калласини чайқаб, норози қиёфада деди:
— Нимасини айтасан, уйимни тузатишим керак, Ласеттини сотиб Малибу олишим керак. Пул йиғиб қўйганман, ҳеч ишим ўнгланмайди.
Назиржон дўстининг сўзларидан ҳайрон бўлди. Ҳатто тузук-қуруқ велосипеди ҳам йўқ, уйида битирадиган ишлари жуда кўп. Икки хонагина уйни амал-тақал қилиб битириб олган. Лекин ҳеч қачон ҳаётидан нолимайди, тани соғ бўлса, ҳаммасига улгурса бўлади. Ўзини ўзи сиқиб, адойи тамом қилишнинг нима кераги бор. Сарварнинг уйи данғиллама бўлса, ўзининг хусусий корхонаси бўлса… Озгина иши юришмай қолса, шукр қилиш ўрнига нолиб ўтириши жуда эриш туюлди.
Хуллас, икки дўстнинг дунёқараши, фикрлаши, яшаш тарзи икки хил. Бой-бадавлати ўзини бахтли санамайди, асабий, жаҳлдор, жиззаки, ороми йўқолган. Иккинчисининг топиш-тутиши унчалик яхши эмас, лекин энг катта бойлиги кўнгил хотиржамлиги бор. Ўзини жуда бахтиёр сезади, эртанги кунга ишонч билан қарайди.
— Тадбиркорман, дея гап бошлади суҳбатдошим. Мақтаниш эмас, қаёққа қўлимни узатсам етади, оилам, фарзандларимнинг бахт-саодати учун қўлимдан келганча ҳаракат қилдим. Мен энди оёғимни узатиб дам оламан деган пайтимда аёлим руҳий хаста бўлиб қолди. Кўрсатмаган дўхтирим, олиб бормаган табибим қолмади. Эркак киши учун бундан оғирроқ фожиа йўқ экан. Хотинимни уришай десам, бақириб йиғлашга тушади, кўнглига келган ишни қилаверади, хоҳласа уйдаги нарсаларни кўчага улоқтиради. Тушунтириш бефойда, барча ҳаракатларим бесамар кетди. Фарзандларимнинг тақдирини ўйлайман.
Ўзимча шундай хулосага келдимки, мен вақтида неъматларга шукр келтирмаган эканман. Ўзимча қўлимда давлатим катта, нима десам, нима қилсам ярашаверади деб ўйлабман. Ўзимдан ночорроқ, камхаржроқ кишилардан ўзимни олиб қочибман, пул топаман деб қариндош уруғларимга силайи раҳм қилишни унутибман. Ҳозир далаларда кетмон чопаётган аёлларни кўрсам ҳавасим келади. Улар менинг руҳи хаста аёлимдан ўн карра бахтиёрроқ. Аслида пул, мол-дунё қалбни кирлаштириб, ўтмаслаштириб қўйишини ҳис қиляпман. Начора бошга тушганни кўз кўраркан. Мен бугун ўтмишимга боқиб ҳаётдан олган хулосаларим шу: кимки ўз ҳолига шукр қилмас экан, бундан-да баттарроқ ҳолатга тушиб қолиши мумкин.
Шукр қилувчи инсонлар албатта мукофотга лойиқдир. Илоҳим, барчамизни ношукр бўлишдан асрасин.
Отабек Пўлатов
Жўрабек Эргашев