ҚЎЙНИМДАН ТЎКИЛСА ҚЎНЖИМГА ДЕМАНГ…

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг зарари ва хафи тобора ортиб бормоқда. Мутафаккир олим ва ҳаким Абу Али ибн Сино ҳам «Тиб қонунлари» китобида қатор касалликларнинг наслдан-наслга ўтишини, суяк суришини ва яқин қон-қариндошлар орасидаги никоҳнинг зарарли оқибатларини алоҳида кўрсатиб ўтган. Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйича янги туғилган чақалоқларнинг бир фоизи туғма мажруҳ, яъни ҳар бир юзинчи туғилган бола майиб-мажруҳ бўлиб ёки ирсий касал билан дунёга келаётган экан.

Болалардаги туғма нуқсонлар сабабини одам ирсиятида рўй берадиган ўзгаришлардан қидирмоқ зарур. Чунки одам ирсиятининг ўзгариши одам популяцияси ичида жуда кўплаб ирсий нуқсонларнинг юзага чиқишига ёки янги нуқсонларнинг пайдо бўлишига олиб келади. Натижада одам генофонди ҳам ўзгаради.
Ҳозирги вақтда одамларда 2000дан ортиқ касалликнинг наслдан наслга ўтиш қонуниятлари ўрганилган. Айниқса, кейинги йилларда одамдаги мавжуд белгиларгина эмас, балки анча мураккаб сифатлар, жумладан, ҳид билиш, таъм сезиш, эшитиш, кўриш, айрим касалликларга мойиллик, одам хулқининг хусусиятлари, истеъдод ва бошқаларнинг ҳам наслдан-наслга берилишида ирсиятнинг роли борлиги тўлиқ исботланди. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлардан туғилган болада ҳар хил ирсий касалликлар билан оғриш эҳтимоли кўпроқ учрайди. Нега? Маълумки, ҳар бир организм ўзининг генлар тўплами таркибига кўра гомозигот (гомо — бир хил) ва гетерозигот (гетеро — турли) организмларга бўлинади. Гомозигот орга¬низм-ларда аллел генлар бир белгини бир хил вариацияда аниқлайди. Гетерозигот ор¬ганизм-ларда эса, аллел генлар бир хил белгини ҳар хил турда белгилайдилар. Баъзи халқларда доно бир таомил урфга кирган — улар қариндошлар, бир ота ёки онадан тарқалган авлодлар орасидаги никоҳланувга йўл қўймайдилар. Ҳатто улар ўзлари яшаган аҳоли ҳудудидан ҳам қиз олмайдилар. Бунинг натижаси ўлароқ, уларнинг фарзандлари доимо соғ¬лом, бақувват ва нуқсонсиз туғилади. Айрим халқлар, миллатлар ёки аҳоли гуруҳлари орасида эса бунинг тамомила акси учрайди. Улар «ўзимнинг қоним», «қўйнидан тўкилса — қўнжига», «бегона бўлмасин» қабилида иш тутадилар. Оқибатда она ёки ота томонидан авлоддан-авлодга яширин ҳолдаги касаллик белгилари ва салбий сифатларнинг ўтиш хавфи ортиб кетади. Сўнг¬ги йилларда бефарзандлик сабабларини изчил ўрганиш ҳам бу муаммо кўп ҳолларда яқин қариндошлар орасидаги никоҳларнинг оқибати эканлиги маълум бўлди.
Тўғри, холаваччалар, амакиваччалар ўртасидаги никоҳлардан туғилган болалар орасида соғломлари ҳам бор. Лекин унутмаслик керакки, касаллик белгиларининг узоқ авлодларга — чевараю эвараларга ўтиши ҳам кўп кузатилган.
Соғлом, бақувват, бенуқсон фарзанд ва авлодлар ҳақида ўйлар эканмиз, аввало ҳар бир ўсиб келаётган ўғил-қизларимизга оила қуриш инсон ҳаётидаги энг муҳим масала эканлигини, балоғат ёшидаги ўзига хос хусусиятлар, неча ёшда уйланиш, кимга уйланиш, қачон турмушга чиқиш, қайси ёшда фарзанд кўриш борасида тўғри маслаҳатлар бериб бориш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Биз учун қайсидир қариндошимиз билан қуда бўлиб, «қариндошчиликни янада мус¬таҳкамлаш» эмас, авлодимизнинг соғлом давом этиши муҳим бўлмоғи керак.
Бундан ташқари, «янада яқинроқ бўламиз» деган ният билан ўзаро қуда бўлган қариндошларнинг турмушдаги арзимас можаролар туфайли юзкўрмас бўлиб ажралиб кетишганига ҳаётда мисоллар кўп эканини ҳам унутмасак, яхши бўлар эди.
Махаммаджон Ибрагимов
Мехмонали Тошпўлатов