ЭЗГУЛИК БОҚИЙДИР, ХОТИРА МАНГУ

Инсон умри боқий эмас, у бир кун туғилибдими, демак, муайян ёшда ёруғ дунё билан хайрлашиши ҳам табиийдир.
Ҳаёт ширин, жозибали ва гўзал бўлганлигидан ҳар қандай ёшда ҳам одамнинг уни тарк этгиси келмайди. Умр инсонга орқасидан яхши ном, эзгуликлар қолдириш учун берилган қимматли бир имкониятдир.Чунки одам бу ёруғ дунёни тарк этса-да, унинг эзгу ишлари қолади.Тириклигида қилган хайрли ишларига қараб, ўтган умри мазмунига баҳо берилади.Номи абадий сақланиб қолади.Донолар айтмишларки:
Жаҳонда икки иш қолар абадий,
Дононинг сўзи-ю,ботирнинг иши.
Ҳар бир киши «ҳаёт» деб берилган улуғ неъматдан унумли ва самарали,мазмунли фойдалана олмоғи шарт деб ўйлайман.
Марҳумларни хотирлаш энг қадимги анъаналардан биридир. Мамлакатимизда ҳар йили 9-майни Хотира ва қадрлаш куни сифатида нишонланиши катта тарихий воқеадир. Мамлакат аҳлини Ватан озодлиги йўлида ҳамда Иккинчи Жаҳон Урушида шаҳид кетганлар руҳини эъзозлаш бурчимиз эканиним ҳеч биримиз унутмаслигимиз лозим. Бу кун юрт озодлиги ва мустақиллиги, ободлиги йўлида ширин жонини қурбон қилган кишиларнинг порлоқ хотирасига алоҳида ҳурмат кўрсатиш ўзига хос анъанага айланди.Инсон хотираси ҳамиша азиз ва муқаддасдир!
Хотира ва қадрлаш аввало, аждодлар ва авлодлар боғлиқлиги ва давомийлигини янада мустаҳкамлаш, ўтганлардан ўрнак олиб яшаш учун беҳад муҳимдир. Хотирлаш тадбирлари халқ қаҳрамонларига ўрнатилган ҳайкаллар ёнида, Ватан мудофааси ва мамлакат равнақи йўлида хизмати синган кишилар ҳаёти билан боғлиқ жойларда, уй-музейларда, муқаддас кўчалару майдонларда, умумий қабристонларда ташкил қилиниб, марҳумлар ёдга олинади, хизматлари эсланиб, гуллар ва гулчамбарлар қўйилади.Бундай анъаналар аслида ёш авлодни аждодлар хотирасига ҳурмат билан қарашга, уларнинг жасорати ва ўрнагидан сабоқ олишга ўргатиши билан беқиёс аҳамиятга эгадир.
Доим эзгу ишлар қилишга интилайлик, токи бизни ҳам авлодлар яхши инсон сифатида ёд этсинлар. Ана шундагина фарзандларимиз ортимиздан фахрланиб эргашадилар.
Отабек Пўлатов
Акбаров Қодирхон