ҚАЙҒУ КУЛФАТЛАРНИНГ БОИСИ

Ялқовлик, лоқайдлик, бепарволик кишиларни шундай балога йўлиқтирадики, унинг таъсири ёмонликлар, кулфат, қайғу-аламларга йўл очади. Чет элларда ёлланма ишчи бўлиб ишлаётган ҳамюртларимизнинг қисматини ўйлаганда уларнинг шундай ҳолга тушишларига уларнинг ёшликни беҳудага сарф этганлари, айни илм ўрганадиган чоғда тараллабедод қилиб кун ўтказганлари сабаб бўлганини англаб қоласан. Йиллаб умрини фарзандидан олисда ўтказаётган ота моддий томондан оиласини таъминлаб қўйиши мумкиндир, лекин маънавий томондан эмас. Чунки фарзандга бериладиган таълим-тарбия, меҳр, эътибор, одоб-ахлоқинг ўрнини миллионлаб пул ҳам боса олмайди. Эртами-кечми фарзанд тарбиясидаги маънавий кемтиклик барибир ўзининг таъсирини кўрсатади.
Мутахассислар фикрича, аксарият ота-оналари чет элда ишлаётганларнинг фарзандлари ўзлаштиришдан ортда қолаётган, асабий, жиззаки, жаҳлдор бўлиб қолишаркан. Майда безорилик, ўғрилик, ҳуқуқбузарликлар содир этаётган ўсмирларнинг, вояга етмаганлар бўйича рўйхатда турадиганлар болаларнинг кўпчилиги ота-онаси хорижда эканлигини қайд этишган. Иллатлар занжирини қарангки, ота-онанинг хатоси фарзандга, фарзандники эса кейинги авлодларга таъсир этмасдан қолмайди. Ҳали оқ-қорани ажратишни билмайдиган боланинг назоратсиз қолиши эса уларнинг кўнглига келган ишни қилишларига замин яратади.
Муҳибилло коллеж ўқувчиси, ота-онаси 6 йилдан буён Россияда. У ўғирлик билан қўлга тушди, ички ишлар бўлимида назоратда туради. Унга ота-онаси Россиядан ҳар ойга керакли пулни жўнатиб туради. Лекин Муҳибилло учун муқаддас нарсанинг ўзи йўқ. Ота-онасини бошида соғинди, ўртанди, қари бувисининг қўлида қолиб кетаверди. Энди бу болага панд-насиҳатлар ҳам кор қилмайди. Ўзининг билганидан қолмайди. Эртами-индин ота-она Россиядан қайтиб келар ҳам, лекин фарзанди феълидаги ёмон иллатларни йўқотиб бўлармикин.
Икки йилдан сўнг Муҳибиллони уйлантириб қўйишаркан. Ўзи тарбияга муҳтож бўлган йигит қандай қилиб, эртага ота бўлади, фарзандларига қандай қилиб тарбия бера олади? Оғриқли саволлар кўп. Уларга ечим ҳам, жавоб ҳам топа олмайсиз. Шунинг учун ҳам умрни беҳуда ўтказишдан наф йўқ.
Отабек Пўлатов
Икромхон Абдурахмонов